Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида” фармойиши ҳамда Тошкент фармацевтика институти талаба-ёшлари ўртасида китобхонлик, мутолаа маданиятини тарғиб қилиш мақсадида маъруза залида 2017 йил 26 апрель куни соат 14-00 да “Ёшлар ва китобхонлик” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Чоршам Рўзиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси шоир, Халқаро “Олтин қалам” мукофоти совриндори Дилшод Ражабовлар иштирок этишди.
Тадбир иштирокчилари ўз маърузаларида қуйидагиларга эътибор қаратдилар. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари ёзганидек, “китоб – беминнат устоз, билим ва маънавий юксалишга эришишнинг энг асосий манбаи”.Халқимиз тилида ҳам китоб ўқиб билим ва муносиб таълим-тарбия олиш, илм-фан билан шуғулланиш, касб-ҳунар ўрганишнинг аҳамиятига доир мақоллар жуда кўп. Жумладан, “Китобсиз ақл – қанотсиз қуш”, “Бахт белгиси – билим”, “Ҳунар – оқар булоқ, илм – ёнар чироқ”, “Олтин олма, билим ол, билим олсанг, билиб ол”. Бундай пурҳикмат нақлларни яна узоқ давом эттириш мумкин.
Энг муҳими, неча минг йиллардан буён сайқалланиб, не-не авлодларга йўлчи юлдуздек тўғри йўлни кўрсатиб келаётган ана шу халқона ҳикматлар негизидаги асл ҳақиқат шуки, инсоннинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва албатта бахтли ва давлатли бўлишининг муҳим омили – бу китобга дўст бўлиш, ҳамиша китоб ўқиш ва китоб мутолаасини умр бўйи канда қилмасликдир. Айниқса, ёшларнинг бахту камоли, осойишта ва фаровон ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни бор. Чунки яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундайди.
Бу ҳақда сўз борганда, Истиқлол бизга китобхон халқ деган азалий юксак мавқеимизни нафақат қайтариб бергани, айни чоғда, бу борадаги интеллектуал салоҳиятимиз ва имкониятларимизни тубдан оширишнинг асосий омили ҳам бўлганини таъкидлаш лозим. Бинобарин, мустақиллик йилларида мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг маънавиятини юксалтириш, миллий адабиётимиз ва санъатимизни янада ривожлантириш, ёшларни миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ижодкорларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантиришга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.
Ўтган даврда матбуот, ноширлик ва ахборот соҳасининг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Хусусан, бу борада 10 дан ортиқ қонун ва 30 дан ортиқ қонуности ҳужжати қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 12 январда имзоланган “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши ана шу эзгу ишларни янги, янада юксак босқичга кўтаришга қаратилганлиги билан ғоятда аҳамиятлидир. Фармойишда қайд этилганидек, бугунги кунда юртимизда замонавий технологиялар билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ишлаб турибди. Истиқлол даври архитектурасининг ноёб иншооти – пойтахтимиздаги муҳташам “Маърифат маркази”да жойлашган Миллий кутубхона фондида қарийб 8 миллионта китоб ва бошқа манбалар, жумладан 450 мингтадан ортиқ китобнинг электрон версиялари, электрон дарслик ва қўлланмалар мавжуд. Электрон кутубхонанинг маълумотлар базаси ўзбек, рус ва инглиз тилларида яратилган. Шунингдек, 14 та вилоят ахборот-кутубхона маркази, туман марказлари ва шаҳарлардаги таълим муассасаларида 200 га яқин ахборот-ресурс маркази томонидан аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш йўлга қўйилган.
Тадбир давомида шоирлар ўз шеърларидан намуналар ўқидилар.
Тадбир жараёнида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан атрофлича жавоб олдилар.